Ислоҳотлар инсон манфаатларига хизмат қилмоқда

Ислоҳотлар инсон манфаатларига хизмат қилмоқда Ш.МИРЗИЁЕВ:
Бугунги кунда вилоят аҳолиси тоза ичимлик суви билан тўла таъминланмагани ачинарлидир. Бу долзарб масалани қисқа вақтда ҳал қилиш учун бор имкониятимизни ишга солишимиз лозим.


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2018 йил 28-29 январь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи ва Чироқчи туманида ўтказилган кенгайтирилган тарздаги мажлисда вилоятимизда, жумладан, Деҳқонобод туманида ижтимоий - иқтисодий ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтди. Туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман Кенгаши депутати Зоир Алиқулов билан ўтказган суҳбатимиз Юртбошимиз ғамхўрликлари асосида туманимизда бу йил кўзда тутилаётган бунёдкорлик ишлари ва ислоҳотлар хусусида бўлди.
***
- Ҳурматли Зоир Халилович, аввало шу нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, муҳтарам Президентимизнинг бу сафарги ташрифи деҳқонободликлар учун жуда ҳам баракали бўлди, десак асло янглишмаган бўламиз.
- Аслида ҳам шундай бўлди. Юртбошимиз томонидан бир ой муддатда Чироқчи, Миришкор ва Деҳқонобод туманларини комплекс ижтимоий- иқтисодий жиҳатдан кескин ривожлантириш бўйича дастурлар ва Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш юзасидан топшириқ берилишининг ўзиёқ бу борадаги ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.
Ушбу топшириқ асосида айни кунларда туман ҳокимлиги, иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлими ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан кескин ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, улар вилоят ва республика комиссияларига тақдим этилмоқда. Негаки, бу каби имкониятлар неча ўн, ҳатто юз йиллар давомида бир марта берилади ва ундан оқилона фойдаланиб қолишимиз лозим. Шунинг учун ҳам ишлаб чиқилган дастурда барча соҳалар тўлиқ қамраб олинишига ҳаракат қиляпмиз.
- Маълумки, ичимлик сув муаммоси деҳқонободликларни йиллар давомида қийнаб келаётган энг оғриқ масалалардан бири эди. Ҳар йили ёз бошланиши билан сув нархи осмонга кўтарилиб кетар, шундай пайтларда барча аҳоли қачон “Оқсувнинг суви келаркан”, дея худога илтижо қилар, юқоридан келган ҳар бир раҳбар, депутат ёки сенаторга ушбу саволни кўндаланг қўйишарди. Улар ҳам “ҳал қиламиз”дан нарига ўтишмас, бу муаммо эса чўзилгандан чўзилиб келаверарди. Мана, ҳал қилса бўларканку. Президентимизнинг бир оғиз сўзлари билан деҳқонободликларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилди, боши осмонга етди.
- Дарҳақиқат, шундай бўлди. Президентимиз Шавкат Миромонович туман аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун “Оқсув-Деҳқонобод" сув қувури қурилиши учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 100 миллиард сўм маблағ ажратди. Жами узунлиги 77 километр бўлган ушбу сув қувури туманимиз ҳудудидаги 69 аҳоли пунктини қамраб олади. Бу дегани агар ҳозирги пайтда ту-манда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 2 фоизни ташкил қиладиган бўлса, ушбу иншоот қуриб битказилгач қарийб юз минг нафар аҳолининг ичимлик сувига бўлган талабларини қондиришга хизмат қилади. Бошқа сув манбалари билан қўшиб ҳисоблаганда, туманда 98 фоиз аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланади. Юртбошимиз таъкидлаган-ларидек, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши жорий йилнинг март ойида, яъни ҳадемай бошлаб юборилади.
Бунда буюртмачи этиб - Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, бош лойиҳачи этиб - “Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш” ДУК, бош пудратчи этиб эса Деҳқонобод тоғларини кесиб йўл солган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг махсус механизациялашган йўл станцияси белгиланди. Қолаверса, мазкур объект бўйича ишларни қисқа муддатларда амалга оширилиши муҳимлигини эътиборга олган ҳолда, истисно тариқасида, бош пудратчи томонидан қурилиш-монтаж ишларини лойиҳалаш ишлари билан бир вақтда олиб борилишига рухсат берилмоқда.
Шу муносабат билан Оққишлоқ майдонида олиб борилаётган Гидрогеологик тадқиқот ишларини жорий йилнинг 1 июлига қадар бажарилишини ва асосланган гидрогеологик хулосаларни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига тақдим этиш вазифаси топширилди. Туман ҳокимининг ўринбосари С.Самадов ва тегишли ташкилотлар – “Оби ҳаёт булоқбоши” корхонаси ва “Сув оқова” корхонаси раҳбарлари (Х.Кенжаев, С.Алланазаров) “Оқсув-Деҳқонобод” йўналишидаги сув манбаи орқали туман аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳасининг амалга оширилиши бўйича қилинажак ташкилий ишларга маъсул этиб белгиланди. Айни кунларда бу борадаги ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

- Юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга доимий равишда эътибор қаратиб келинмоқда. Юртбошимиз ташрифи давомида бу яна бир бор ўз исботини топди.
- Тўғрисини айтганда, туманимизда жажжи кичкинтойларни боғчаларга қамраб олишдаги ишларимиз талаблар даражасида эмас. Шу боисдан ҳам барча жойда бўлгани сингари туманда ҳам 2018 йилда босқичма-босқич нодавлат ва давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш бўйича манзилли рўйхатни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш вазифаси юклатилди. Болалар қамрови ўта паст бўлган, туманнинг қишлоқ жойларида яшайдиган аҳоли учун 5 йил муддатга мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар тўловига 50 фоиз чегирма жорий этилди
Умумтаълим мактаблари ва филиалларининг талабга жавоб бермайдиган биноларини босқичма-босқич янгидан қуришни 2018 йил ва кейинги йиллар Дастурига қўшимча равишда киритиш чораларини кўриш топшириғи берилди. 52-сонли умумтаълим мактабига қўшимча янги бино қуриш ишларини эса 2018 йил Дастурига қўшимча тарзда киритиш ва жорий йил 1 сентябрга қадар якунланишини таъминлаш топширилди. Икки ой муддатда туман ҳудудидаги барча умумтаълим мактабларида ахборот-ресурс марказларининг таъминланганлик даражасини ва жойларда ZiyoNET тармоғидан фойдаланиш самарадорлигини танқидий ўрганиб чиққан ҳолда умумтаълим мактабларини замонавий ўқув адабиётлари, электрон ва интерактив ресурслар билан таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқилмоқда.
Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасида қурилиш-реконструкция ишларини ҳамда шифохонанинг сув таъминоти ва канализация тизимини тўлиқ капитал таъмирлашни амалга ошириш, “Дуоб” ва “Оққишлоқ” МФЙ ҳудудларида жойлашган тиббий муассасаларни қуриш-реконструкция қилишни 2019-2020 йил давлат ривожлантириш дастурларига киритиш, 2018 йилда янгидан 1 та хусусий тиббиёт муассасасини ташкил этиш ҳамда тумандаги 2 та хусусий шифохонанинг фаолиятини кенгайтириш, туман молия бўлими билан биргаликда 2018 йилда туманнинг узоқ ва чекка ҳудудларида яшовчи аҳолига намунали ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш учун 2 та “УАЗ” русумли автомашина сотиб олиниши ҳамда патронаж хизматини ташкил этиш учун тегишли оилавий поликлиникаларга (қишлоқ врачлик пунктлари) бириктирилишини таъминлаш вазифаси топширилди.
Туманда врачларга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаш учун ҳудудлар кесимида уларга бўлган талабни аниқлаб, тиббий олий таълим муассасаларига 2018/2019 ўқув йили қабул квоталари бўйича ўз таклифларини киритиш лозимлиги белгилаб қўйилди.

- Туманда бир пайтлар қишлоқ хўжалигининг довруғи жуда баланд эди. Қўнғирот ва Оқиртманинг асл сур қоракўл терилари, Кўкбулоқнинг юз килодан зиёд тош босадиган ҳисори қўйлари, Қизилчанинг ўттиз килолик тарвузлари, Қорашинадаги юзминг бош парранда боқиладиган товуқхоналар, Белибойли, Бешқўтон, Обод, Консой қишлоқларидаги зотдор моллар парваришланадиган ва гўшт, сут ишлаб чиқарувчи тўлиқ механизациялашган қорамолчилик фермалари фаолияти, ғаллачиликдаги муваффақиятлар, Бошчорбоғ, Белибойли, Каттапой, Кўкбулоқ боғларининг ширин-шакар мевалари кейинги ўн йилликларда фақат хаёл ва орзу бўлиб қолди. Бу ишлар билан шу йилларда деярли ҳеч ким шуғулланмади ва қизиқмади ҳам.
- Айнан шунинг учун ҳам Президентимиз Ш.Мирзиёев қишлоқ ва сув хўжалигидаги бу каби аҳволни бартараф этиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни янада кўпайтириш, уларни қайта ишлаш масалаларига алоҳида эътиборни қаратди ҳамда ўзининг керакли маслаҳатлари ва топшириқларини берди. Жумладан, қисқа муддатда 2018-2019 йилларда туманда мева-сабзавотчилик ва чорвачилик йўналишларида амалга ошириладиган лойиҳалар ташаббускорларини аниқлаш ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича “Йўл хариталари”ни тасдиқлаш, лалми ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида ер ости сув манбаларига асосланган суғориш тизимларини жорий этиш орқали экспортбоп экинлар ва доривор ўсимликлар (далачой, коврак) экиш мумкин бўлган майдонлар бўйича таклиф киритиш, туманнинг Туркманистон Республикаси билан чегарадош ҳудудларидаги ўрмон хўжалиги тасарруфидаги ер майдонларида коврак уруғи ва елими (смоласи)ни териб олишни таъминлаш ва жорий йилда 4 минг гектар лалми ер майдонларига коврак экиш ва чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш учун умумий қиймати 40 млрд. сўмлик лойиҳанинг амалга оширилишини таъминлаш белгиланди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Республика “Асака банк”и томонидан 20 млрд. сўм миқдорида кредит маблағи ажратилганлиги эътиборга моликдир.
Туманда чорвачиликни ривожлантириш йўналишида 2018 йилда қорамол, қўй ва эчки сонини камида икки баробарга ошириш бўйича янги лойиҳаларнинг манзилли дастурини ишлаб чиқиш, Тожикистон Республикасидан туманга 5 минг бош “Ҳисор” зотли қўйларни олиб келиш бўйича "Йўл хариталари”ни бир ой муддатда тасдиқлаб, ушбу лойиҳаларнинг жорий йилнинг 1 августига қадар амалга оширилишини таъминлаш, “Халқ банки” туман филиали билан биргаликда “Орзу омад” МЧЖ томонидан 2018 йил 1 ноябрга қадар қиймати 5,8 млрд. сўм бўлган жунни қайта ишлаш корхонасини ишга туширишни таъминлаш, тижорат банклари билан биргаликда аҳоли эҳтиёжи учун белгиланган меъёрларга нисбатан кам тухум ишлаб чиқарилаётганлигини ҳисобга олиб, туманимизда йирик паррандачилик корхоналарини ташкил этиш бўйича янги лойиҳаларни дастурга киритиш, туманнинг барча ҳудудларида чорва молларини сўйишни ветеринария-санитария меъёрлари ва қоидаларига жавоб берадиган жойларда амалга ошириш, туман миқёсида тери хомашёсини йиғиш, уларни чарм ишлаб чиқарувчи корхоналарга етказиб бериш, сақлаш ва тайёрлаш тизимини яратишни амалга ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

-Қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари, сабзавот-полиз экинлари ҳосилини кўпайтириш, томорқа участкаларидан самарали фойдаланиш, дастурхонимиз тўкин-сочинлигини таъминлаш, қолаверса, оиланинг даромадини оширишда суғориш тизимлари, биринчи навбатда сув омборларининг хизматлари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Юртбошимизга сув омборлари қурилиши бўйича қилган мурожаатингиз ҳам айни муддао бўлди.
- Маълумки, ўтган йил қайта қурилиши бошланган “Деҳқонобод” сув омборини 2019 йилда ишга тушириш режалаштирилган эди. Лекин Президентимизнинг туманимиз аҳолисининг ҳам ичимлик, ҳам суғориладиган сувга бўлган эҳтиёжларини чин қалбдан ҳис этган ҳолда сув омбор қурилишини 2018 йил охирига қадар якунлаш бўйича қатъий топшириқ берганликларидан одамларимиз жуда мамнун бўлдилар. Айни пайтда буерда қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Шу билан бирга қурилиши тугалланмаган “Арабдашт” ва “Торқопчуғай” сел сув омборларининг қурилиши лойиҳаларининг 2018 йилда қайта ишлаб чиқилишига, экспертизадан ўтказилишига ва қурилиш ишларининг 2020 йилда якунланишига жами 30 млрд. сум маблағ ажратилганлиги жуда қувонарли воқеадир. Бу иккала гидроиншоот қурилиб тўлиқ ишга туширилгач, Бешбулоқ, Чучукқудуқ ва Торқапчуғай МФЙ ҳудудларида яшовчи юзлаб хонадонлар томорқаларида мева, сабзавот ва полиз экинлари экилиб, боғ яратилиб, дастурхон тўкин-сочинлиги ва мўл-кўлчиликка замин яратилади.
Шу ўринда таъкидлаш ҳам керакки, аҳолининг ўзи ҳам деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш чораларини кўришлари мақсадга мувофиқдир. Эндиликда имконият бўла туриб деҳқон хўжаликлари ва томорқадан фойдаланмаётган фуқаролардан ер майдонлари туман заҳирасига қайтариб олиш ёки самарасиз фойдаланилаётганлиги учун амалдаги солиқ ставкасини уч баробар қилиб ундириш масалалари назарда тутилган.
Шу мақсадда айни пайтда хонадонлар кесимида ер майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, даромадли озиқ-овқат экинларини турлари бўйича жойлаштириш, экиш учун етишмайдиган уруғлик ва кўчатларни етказиб бериш ҳамда енгил конструкцияли кичик иссиқхоналарни ташкил этишга эътиборни қаратяпмиз.

- Бугун мамлакатимиз Раҳбари томонидан барча соҳаларда қатъий ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва улар энг аввало инсон манфаатларига хизмат қилмоқда. Туманимиз иқтисодиётида ҳам бу яққол кўзга ташланмоқда.
- Энг биринчи навбатда тумандаги 4 та сектор раҳбарлари томонидан қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари ҳамда тегишли корхона, ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир хонадонга кириб, уларнинг турмуш даражаси, тадбиркорликка қобилияти борлиги ва қўшимча даромад топиш имкониятларини аниқлаш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш, қўшимча даромад топишга кўмаклашиш бўйича олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Ҳар бир сектор штабида ҳафтада бир мартадан фуқаролар қабули ва ойда бир марта “Тадбиркорлар куни” қабули ташкил этилиб, уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиб бориш тизими жорий қилинди. Шунинг натижасида ҳудудлардаги кам таъминланган оилалар, кўмакка муҳтож инсонларга давлатимиз томонидан жуда катта ғамхўрликлар қилинмоқда.
Жумладан, юртбошимиз тавсияларига асосан АТ “Микрокредитбанки”нинг Қарши филиали билан биргаликда 2018-2019 йилларда туманда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича 10 та қиймати 250 млн сўмлик лойиҳаларнинг белгиланган муддатда тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш топширилди.
Туманда фаол тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида қишлоқ жойларда умумий овқатланиш корхоналари учун солиқ ставкасини 2 баробарга, олис ва тоғли ҳудудларда 70 фоизгача камайтириш, янгидан ташкил этиладиган саноат корхоналарини 5 йил муддатга ягона солиқ тўловини тўлашдан озод қилиш, савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини 2 баробарга камайтириш назарда тутилганлиги ҳам диққатга сазовордир.
Аҳолини электр, газ билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, тумандаги паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш Дастурига асосан 30 км узунликдаги электр тармоқларини ва 7 дона трансформатор пунктларини янгилаш ва модернизация қилиш, 65 км узунликдаги электр тармоқлари ва 41 дона трансформатор пунктларида мукаммал таъмирлаш ишларини якунлаш, жорий йилнинг 1 ноябрига қадар туманда маиший газ баллонларини синовдан ўтказиш маркази қуриш, аҳоли хонадонларини 9100 дона маиший газ баллонлари билан таъминлаш, суюлтирилган газни маиший газ баллонларда аҳолига етказиб бериш учун “Ususi” русумли махсус автотранспорт воситаларини харид қилиш вазифалари белгиланди.
Иш излаб хорижга чиқиб кетган фуқароларнинг иш жойига эга эканликлари тўғрисидаги маълумотлар, муқим иш жойига эга бўлмаганларини қайтариш чораларини кўриш ва ўз вақтида уларнинг бандлигини таъминлаш, МХХ туман бўлинмаси туман ҳокимлиги ва туман бош имом хатиби билан биргаликда туманда диний экстремистик оқимлар таъсирига адашиб кириб қолган шахслар билан доимий равищда ишлаш, улар оиласининг муаммоларини ўрганиш, жамият учун фойдали иш билан бандлигини таъминлаш чораларини кўриш борасида ҳам аниқ вазифалар белгилаб олинди ва шу асосда иш олиб борилмоқда.

Шунингдек, халқ таълими, ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар бўлими, бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда жойларда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятини янада рағбатлантириш ҳамда қўшимча иш ўринларини яратиш, 2018 йил давомида ногиронлиги бўлган хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш бўйича режа-жадвал ишлаб чиқиш, ишлаш истагида бўлган оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларнинг 2018 йил давомида бандлигини таъминлаш, туманда ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг манзилли рўйхатларини шакллантириш, ҳар ойда алоҳида жадвал асосида жамоат ташкилотлари билан бирга муҳтож аёллар ҳолидан хабар олиб, барча мутасадди ташкилотларни уларнинг муаммоларини ҳал қилишга сафарбар этиш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, бунда ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлган хотин-қизларнинг аниқ рўйхатини шакллантириб, улар билан доимий равишда якка тартибда ишлаш тизимини йўлга қўйиш, оилавий ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг муаммоларини аниқлаб, бартараф этиш чораларини кўриш масалаларига ҳам Юртбошимиз алоҳида эътиборларини қаратдилар ва бу борада олдимизда ҳал қилиниши лозим бўлган энг муҳим вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш бугун ҳар биримизнинг биринги галдаги бурчимиз ҳисобланади. Уйлайманки, деҳқонободликлар Президентимизнинг Гамхўрликларига жавобан ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан жавоб берадилар, юртимиз равнақига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшадилар.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.


Суҳбатни туман кенгаши депутати Э.Махсумов олиб борди.
[related-news]

Похожие статьи

{related-news}
[/related-news]

0 комментариев

Оставить отзыв

Имя:*
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Введите код: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив